Жаҳон пахта бозоридаги кучли рақобат муҳити, замонавий, технологик ва тезкор тўқимачилик ускуналарининг пайдо бўлиши, юқори сифатли ва рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотлари олиш зарурати йилдан-йилга пахта толаси сифатига қўйилаётган талабнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу боис мустақиллик йилларида республикамиз пахтачилик соҳасининг муҳим вазифаси этиб пахта хомашёсини қайта ишлаш технологиясини ҳамда унинг сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштириш, ўзбек пахта толасини зарурий сифат меъёрларига олиб чиқиш ва шу орқали унинг истеъмол хусусиятларини яхшилаш ҳамда унга бўлган талабни оширишдан иборат бўлди.
Ўтган йиллар давомида бевосита ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши билан “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимида пахта толаси сифатини баҳолаш, уни таснифлаш, сертификатлаш ва стандартлаштириш соҳаларида пахтани синашнинг халқаро тизимига интеграциялашувга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Пахта хом-ашёсинининг сифатли қабул қилиниши ва сақланишида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши натижасида, ишлаб чиқарилган пахта толасининг сифати кўрсаткичлари 2018 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра, 93,0 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган 2016 йилгидан 1,2 фоизга юқорироқ. Шу билан бирга "Олий" синфнинг улуши ўтган йилги кўрсаткичдан 2,5 фоизга ошиб, 60,6 фоизни ташкил этди. Техник чигитнинг 1-нав 1-синфга олинишида ҳам юксалиш кузатилди. Яъни ўтган йилги кўрсаткичдан 3,2 фоизга ошиб, 73,2 фоизга етди. Ушбу юқори кўрсаткичларга эришишда, албатта тизимдаги барча пахта тозалаш корхоналар инженер-техник ходимларининг меҳнатлари улуши беқиёс.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги Қарорига мувофиқ корхоналар лабораторияларини пахта хомашёси ва пахта маҳсулотларининг сифат ва миқдор кўрсаткичларини юқори аниқлик билан ўлчайдиган ва кенг спекторда функционал имкониятларга эга янги авлод ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш учун янги дастурлар тайёрланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 июндаги «Республика корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 173-сон қароридан келиб чиқиб, “Ўзпахтасаноат» АЖнинг минтақавий терминаллари ва пахта тозалаш корхоналарида сифатни бошқаришнинг халқаро тизими стандартларини жорий этиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, ўтган давр ичида "Ўзпахтасаноат" АЖнинг 80 та пахта тозалаш корхонасида ИСО-9001:2015 сифат менежменти халқаро стандарт тизими жорий қилиниб, сертификатлар олинди. Республика бўйича 1826 нафар мутахассис ИСО-9001:2015 стандарти бўйича таҳсил олиб, сертификатларни қўлга киритишди. Бу борадаги ишлар 2020 йилгача давом эттирилади.