Уч минг йиллик Наврўз айёми

Шу йилнинг 16 март куни “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг мажлислар залида Наврўз байрами тарихига бағишланган маънавият-маърифат тадбири ўтказилди. Ушбу тадбир жорий йилнинг 23 февраль куни эълон қилинган “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент Қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Йиғилишда акциядорлик жамияти ходимлари, сиёсатшунос олимлар, тарихчилар иштирок этди.

Мажлисни “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Азамат Султонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни юртимизда кенг нишонланаётган Наврўз байрами билан қутлади.

Шундан сўнг, тадбирга таклиф этилган таниқли сиёсий шарҳловчи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби Қобилбек Каримбеков Наврўз байрами тарихи ва унинг ижтимоий аҳамияти хусусида маъруза қилди. 

“Инсоният тарихида қадимий ва ҳозиргача моҳиятини йўқотмай, нишонланиб келинаётган байрамлар саноқли. Улардан бири янгиланиш ва ёшариш айёми, баҳорги тенгкунлик шодиёнаси Наврўз байрамидир” – деди сиёсий шарҳловчи. – Мутахассисларнинг фикрича, Наврўз байрамини нишонлаш бундай 3 минг йиллар муқаддам одамлар онгида Ер ва коинот ҳа­қидаги дастлабки илмий-географик тасаввурлар пайдо бўлган замонлардан бошланган. Наврўз келиши билан табиат ва ҳайвонот дунёси уйғонади, жонланиш рўй беради. Бу каби янгиланиш жараёнининг бошланиши Қуёш йили ҳисобида 21 мартга тўғри келган ва биринчи янги кунни Наврўз деб атаганлар.  Абу Райҳон Беруний, Абу Мансур Саолибий, Жоҳиз Басрий, Умар Ҳайём­­ларнинг тарихий, илмий ва адабий асарларида Наврўзнинг келиб чиқи­ши, унинг ўзига хос қадимий маросимлари тўғрисида қизиқарли маълумотлар қайд этилган. Бу байрам Ўзбекистон мустақилликка эришгач, қайта туғилиб, янгича мазмун, янгича кўлам касб этди. Айниқса, ҳозирда бу байрамнинг халқ сайллари кўринишида нишонланиши ва махсус қарор асосида 5 кун дам олиш куни эълон қилингани халқимиз учун айни муддао бўлди. Буни, ҳеч иккиланмай, мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган халқпарвар сиёсат меваси, дейиш мумкин”, дея таъкидлади сиёсатшунос олим.

Қизғин савол-жавоб ва мулоқот тарзда ўтказилган анжуманда қатнашганлар қадимий Наврўз байрами тарихига оид кўплаб қимматли маълумотларга эга бўлдилар.

 

“Ўзпахтасаноат” АЖ Матбуот хизмати